Талабаларнинг ўқишини кўчириш қуйидаги шахслар ва ташкилотларнинг буйруғи ёки қарори билан амалга оширилади:

➖биринчиси, шу олий таълим муассасалари ректорларининг буйруғи билан;

➖иккинчиси, олий таълим муассасалари бўйсунадиган юқори турувчи вазирлик ёки идоранинг қарори билан;

➖учинчиси, Давлат комиссиясининг қарори билан.

Ҳўш, талабалар ўқишининг кўчирилиши қайси ҳолатларда тўғридан-тўғри ректор, қайси ҳолатларда вазирлик (идора) ва қайси ҳолатларда Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади?

1. Эътибор беринг, агар кўчириш бир олий таълим муассасаси доираси (ичи)да таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бўладиган бўлса, бундай вазиятда талабанинг ўқишини кўчириш шу олий таълим муассасаси ректори томонидан амалга оширилади. Бунда ректорнинг буйруғи чиқади.

2. Агар ўқиш:

➖мос ва турдош йўналиш ҳамда мос мутахассисликлар бўйича бир вазирлик (идора) доираси (ичи)да бошқа бир олий таълим муассасасига кўчирилса;

➖ёки мос ва турдош йўналиш ҳамда мос мутахассислик бўйича турли вазирлик (идора) доираси (ичи)да бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчирилса, талабанинг ўқишини кўчириш вазирлик (идора) томонидан амалга оширилади.

Бунда кўчириш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори билан бўлади.

3. Агар ўқиш:

➖ҳорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчирилса;

➖ёки бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига кўчирилса, бу Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади.

❗️Унутманг, ўқишни кўчириш ҳақидаги аризалар 15 июлдан 5 августгача:

➖олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича кўчириш таълим олган олий таълим муассасасида;

➖қолган ҳолларда Олий ва ўрта махсус вазирлиги томонидан ташкил этилган Ҳудудий ишчи гуруҳлари орқали қабул қилинади.

(Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом).